МУҲИМ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ

МУҲИМ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ


2019 йилнинг 16 декабрь куни Муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жорий йил 17 июнь кунидан бошлаб кучга кирди. Мазкур Қонуннинг аҳамияти, шубҳасиз, мамлакатимиз келажагига дахлдордир.
Зеро Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Миллатнинг соғлом генафондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади”.
Ҳар қандай давлатнинг энг катта бойлиги илмли, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ёшлари ҳисобланади. Бундай авлодни тарбиялаш учун асосий пойдевор сифатида таълимни бирламчи буғуни бўлган мактабгача таълим тизими ҳисобланади.
Мустақиллик йилларида республикада таълим-тарбия тизими ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари даражасига кўтарилди. Бироқ, 2017 йилда ўтказилган таҳлиллар мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишларнинг самараси ва натижаси етарли даражада эмаслигини кўрсатди.
Жумладан, сўнгги 20 йил давомида мамлакатимиздаги давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроқ камайган, республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши атиги 30 фоизни ташкил этган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси ва педагок кадрлар сифати замонавий талабга жавоб бермай қолган эди.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги ПФ-5198-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этилиши соҳада туб ислоҳотларни амалга оширилишига замин яратиб берилди.
Натижада вилоятда 2018-2020 йиллар давомида 67 та янги давлат МТТлари ташкил этилиб, уларнинг сони 199 тага (2017 йилда 132 та) ва болаларни мактабгача таълим билан қамрови эса қарийиб 30 фоизга ошиб, 63.2 фоизга (2017 йилда 34.1 фоиз) етказилди. Бундан ташқари, шу даврда 13600 қувватга эга 364 та нодавлат МТТлари ташкил этилди.
Бугун ота-она фарзандини давлат боғчасига бериш учун кимнингдир эшиги олдида соатлаб кутиб туриши шарт эмас. Ҳаммаси шаффоф, коррупциядан ҳоли: давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ва электрон навбатга туради. Бу қисқа фурсатда бутун бир тизим қайта ислоҳ этилганидан далолат. Соҳага оид қабул қилинган Қонун, Фармон ва қарорлар эса тизимни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Кучга кирган “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун ҳам давлат сиёсатининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги бир қатор йўналиш ва кафолатлари белгилаб қўйилгани билан аҳамиятлидир. 11 та боб, 58 та моддадан иборат мазкур Қонуннинг асосий мақсади, албатта мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Мазкур Қонун билан ҳар бир боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишга бўлган ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш, болаларнинг мактабгача таълим ва тарбияга тўлиқ қамраб олинишида ҳамда алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олишида шарт-шароитлар яратиш, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтиришга қаратилган давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва ривожлантириш каби муҳим вазифалар ушбу соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қилиб белгиланди.
Бундан ташқари, қонуннинг 6-моддасида ҳар бир бола мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқига эгалиги, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқикафолатлаб қўйилди. Бу орқали боланинг мактабга боришидан бир йил олдин мактабгача таълим ташкилотларида тайёргарликдан ўтиши мажбурий таълимнинг муҳим қисмига айланди.
Шунингдек, ушбу Қонун билан тегишли вазирлик ва бошқарув органларининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Масалан, 9-моддада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясимактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёни сифати устидан назоратни ва мониторингни амалга ошириши, мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиши, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мактабгача таълим ва тарбия соҳасида лицензиялар бериши каби ваколатларга эгалиги кўрсатиб ўтилган. 11-моддага мувофиқ эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабгача бўлган ёшдаги болаларга давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул малакали тиббий ёрдам кўрсатиши, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда боланинг ёшига ва физиологик эҳтиёжларига мос келадиган, рационал ҳамда мутаносиб овқатланиши учун мактабгача таълим ташкилотидаги табиий маҳсулотлар тўпламини белгилаши, алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларни соғломлаштиришга қаратилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация, санитария-гигиена ва профилактика тадбирларини ўтказиши, мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг тиббий текширувдан ўтказилишини ташкил этиши лозим бўлади. Шу тартибда тегишли моддалар билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳам мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари кўрсатиб ўтилган.
Шу ўринда Қонунинг энг муҳим бўлган яна бир моддаси тўғрисида тўҳталиб ўтиш лозим. Яқин йилларгача янги аҳоли пунктларида боғча қурилишига деярли эътибор берилмас эди. Эндиликда эса шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари ташкил этилганда, турар жой мажмуалари қурилганда, тегишли ҳудудда мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган сони ошганда мажбурий тартибда давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади. Қонунинг 23-моддасига кўра, янги турар жой мажмуаларини лойиҳалаштириш ва қуришда ҳар бир икки юзта квартира ёки якка тартибдаги уйлар учун камида элликта ўриндан келиб чиққан ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг мавжуд бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Қонуннинг 37-моддасида мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул тиббий ёрдам олиши, соғлиқ учун хавфсиз бўлган шароитларда таълим олиш ва тарбияланиши, болаларни меҳнат қилишга мажбурлашнинг ҳар қандай шаклларидан, жисмоний ва руҳий зўравонликдан, ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилишидан ҳимояланиши, умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтиши каби ҳуқуқлари, 38-моддасида боланинг қонуний вакилларининг, 39-моддасида эса мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган ўлса, 42-моддасида Педагогнинг касбий стандарти тушунчаси киритилди ва стандартлари ишлаб чиқилди. Қонунинг 44-моддасида. Мактабгача таълим ва тарбия тизимида меҳнат фаолиятини амалга оширишга доир чекловлари ишлаб чиқилди. Бунда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, педагог фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари ва жисмоний нуқсонлари бўлган шахслар, илгари ўзларининг айбли харакатлари сабабли меҳнат шартномаси тугатилган шахслар, судланган ёки амнистия акти қўлланилган шахслар мактабгача таълим ва тарбия тизими органлари ва ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатиб берилди бу эса тизимда коррупцияни олдини олаш ва шаффофликни таъминлайди.Болалар учун табий озиқ –овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уларни ёшига доир физиологик эҳтиёжларига мувофиқ бўлган рационал ва мутаносиб озиқ-овқат билан овқатлантириш учун мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг овқатланишини аутсорсинг усулида ташкил этиш қонуннинг 46-моддасида белгилаб қўйилди.Қонунинг 51-моддаси билан мактабгача таълим ташкилоти раҳбарларига директор мақоми берилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бизнинг энг катта бойлигимиз фарзандларимиздир. Уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, сифатли таълим-тарбия бериш бугун давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шу йўлдаги муҳим ҳуқуқий кафолатдир.
Навоий вилоят Мактабгача
таълим бошқармаси бошлиғи
У.У.Тиллаевскачать dle 12.1

Boshqa yangiliklar

YOPISH